12:54 | 02.02.24

                       

Самарқандда харидорнинг телефонини олиб қўйиб, онлайн ҳамёнидаги пулни ишлатган дўкон эгаси судланди

Жабрланувчи солиқ чеки берилмаганини айтиб, шикоят қилган.

Самарқандда солиқ чеки муаммоси сабаб, талончилик жиноятини содир этган фуқарога суд ҳукми чиқарилди.

«Bugun.uz»даги маълумотларга кўра, 2023 йилнинг июль ойида дўкондор М.К. фуқаро С.М.га нисбатан талончилик жиноятини содир этиб, унинг телефонини олиб қўйган.

Орадан бир ой ўткач телефондаги «Click» иловаси орқали унга уланган пластик карта ҳисобидаги пулдан отасининг коммунал тўловини амалга оширган.

Судланувчи М. К. деҳқон бозор ёнида икки киши солиқ чекини бермаган дўконларнинг устидан солиқ иловаси орқали шикоят қилаётганликда айблаб ҳақоратлашаётганини кўрган.

Шундан кейин у жабрланувчи С.М.нинг телефонини адашиб олганини ва қайтариб бериш нияти бўлганини ҳам билдирган.

Жабрланувчининг суддаги гапларига кўра, ўша куни одамлар уларни солиқ чекини бермаган дўконларнинг устидан шикоят қилиб юргани учун «қулоқ» деб ҳақорат қилган. Машинасига зарар етказилган. Воқеа жойидан кетмоқчи бўлишганида «Нива» автомобилида уларнинг ортидан қувишган.

Жабрланувчи ИИБга қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраган.
Ҳозирда зарар қопланганини билдириб, судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини айтган.

Суд мавжуд далиллар ва иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, судланувчи 33 ёшли М.К.ни Жиноят кодексининг 166 (талончилик) ва 169 (ўғрилик) моддалари билан айбли деб топган. Унга нисбатан жазоларни қисман қўшиш йўли билан 2 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: