19:41 | 08.02.24

                       

Самарқандда одам ўғирлаб, уни қийноққа солганлар жазоланди

Bugun.uz'даги маълумотларга кўра, мазкур ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида жабрланувчи уни ўгирлаб кетган шахслардан бирининг аёли билан ишқий муносабатда бўлиб келганини ва воқеа содир бўлишидан олдин унга нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлиб, унга бир оилани бузиб юбораётгани учун таҳдидлар бўлганини айтган.

2023 йилнинг март ойида бир неча шахслар фуқаро Т. П.ни мажбурлаб олиб кетиш учун унинг йўл четида қолдирилган машинаси ғилдираги ҳаво сиғимини чиқариб юборган ва ўзлари автотураргоҳда уни кутган.

Орадан икки соат ўтиб Т. П. ўзининг машинаси ёнига келганида мазкур шахслар уни ўғирлаб кетиш мақсадида зўрлик ишлатиб, олдиндан келишилган режа асосида ўзларининг автомашиналарига миндириб, овлоқ жойга олиб кетган.

Ушбу фуқаролар ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўғирлаб келинган фуқаро Т. П.ни дўппослаб, ўлдириш билан қўрқитган ва шаънига тегадиган даражада таҳқирлаб ҳолатни видеога олишган.

Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилса, видеотасвирларни ижтимоий тармоқларга тарқатиш ва оила аъзоларига зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, 50 минг доллар миқдорида қарздорлиги ҳақида тилхат ёздириб олишган.

Шундан сўнг ушбу шахслар апрель ойида ўзлари талаб қилган пулнинг бир қисмини олаётган вақтда Самарқанд вилоят ИИБ ТҚХ ЖҚБ ва ДХХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Шунингдек, уларни олиб келган шахс бошқарувидаги автомашинада гиёҳванд модда борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида жабрланувчи Т. П. уни ўгирлаб кетган шахслардан бирининг аёли билан ишқий муносабатда бўлиб келганини ва воқеа содир бўлишидан олдин унга нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлиб, унга бир оилани бузиб юбораётгани учун таҳдидлар бўлганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, судланувчилар уни аёл кишининг пулига кредитларини ёпиб юрган алфонс деб айблашган ва 50 минг долларни қайтариши ҳақида тилхат ёзишга мажбурлашган ва жабрланувчи Т. П. аёлдан 50 минг доллар эмас, 5 миллион сўм олганини билдирганида айтганини қилмаса, пичоқлаб ташлаш билан қўрқитишган.

Суд иш материалларини ўрганиб чиқиб, тарафларни тинглаб бир неча судланувчиларни Жиноят кодексининг 137- (одам ўғирлаш); 165- (товламачилик) моддалари билан айбли деб топиб, уларга нисбатан 8 ярим йилдан 11 ярим йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини, шунингдек, 241- (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш); 165- (товламачилик) моддалари билан айбланган судланувчиларга нисбатан эса 6 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мазкур ҳукм устидан бўлиб ўтган аппеляция инстанциясида эса судланувчилардан бири Жиноят кодексининг 241- (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) моддаси билан айбсиз деб топилиб оқланган ва 165- (товламачилик) моддаси билан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган. Шунингдек, ҳукм устидан шикоят киритган бошқа судланувчилар шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: