13:38 | 04.03.24

                       

Самарқандда оилавий корхона салкам 900 млн сўмлик газдан ўғринча фойдалангани аниқланди

Самарқанднинг Пастдарғом туманида фуқаро ўзининг умумий овқатланиш шохобчаси ва новвойхонаси учун алоҳида қувур тортиб, 897,5 млн сўмлик газдан ўғринча фойдалангани аниқланди.

Табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Пастдарғом туман бўлими томонидан «Ўзэнергоинспекция» бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган. Унда Фурқат МФЙ ҳудудида фаолият юритувчи «Н.П.» оилавий корхонаси раҳбари И.Э. умумий овқатланиш шохобчасини ва новвойхонасида ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги газ тармоғидан газ ҳисоблагичдан ташқари тижорат мақсадида қувур тортиб жами 897,5 миллион сўмлик табиий газни ўғирлаганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: