8:18 | 08.05.24

                       

Самарқандда ўқитувчи 11-синф ўқувчисига шилқимлик қилди

Самарқандда мактаб ўқитувчиси 11-синф қизга шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 3 суткага қамалди.

Самарқанд вилояти Ургут туманида мактаб ўқитувчиси М.Ш. дарсда 11-синф ўқувчисига шилқимлик қилгани учун 3 суткага қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати Bugun.uzʼга маълум қилди.

Хабар берилишича, ўқитувчи М.Ш. 2024 йил 24 январь куни соат 11:30 ларда 11-синф ўқувчиси Х.Ш.га шаҳвоний харакатлар билан ҳақоратомуз шилқимлик қилган.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар М.Ш. айбига қисман иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини айтди. У Х.Ш.нинг тўйи бўлаётганини эшитиб, ундан эгнидаги кўйлакни айлантириб кўрсатишини сўраганлиги ва эртаси куни дарс давомида унинг хомуш ўтирганилигини кўриб, «хафа бўлма, яхши ўқисанг мендай куёв чиқиши мумкин», деганини тан олган.

Жабрланувчи Х.Ш. ўқитувчи М.Ш. унга 2024 йил 24 январь куни дарс давомида «сен турмушга чиқяпсанми, бир оз шошмай турсанг, ўзим сенга уйланардим», деб айтганини ва эртаси куни «нега хомуш ўтирибсан, ҳеч бўлмаса мен учун хурсанд бўлиб ўтир», деб айтиб, уни дафтари йўқлиги сабабли доскага чиқиб кийимини айлантириб кўрсатишини сўраганини айтган. Шунингдек, Х.Ш. ўқитувчиси уни синфдошлари олдида шарманда қилгани учун қонуний чора кўришни сўраган.

Суд ишида ҳуқуқбузар М.Ш. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 41-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик қилиш аломатлари) билан ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилган.

Унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: