9:13 | 11.02.24

                       

Самарқандда суюлтирилган газ сотувидан тушган маблағларни ўзлаштириш ҳолати аниқланди

«Тойлоқтумангаз» корхонасида 4 нафар ходим ўзаро тил бириктириб, 2023 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида имтиёзли нархда аҳоли хонадонларига етказиб берилган суюлтирилган газ сотувидан тушган 346,9 миллион сўмни банк кассасига кирим қилмасдан ўзлаштирган.

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида суюлтирилган газ сотувидан тушган маблағларни ўзлаштирган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Фото: Прокуратура департаменти ахборот хизмати

Қайд этилишича, Департаментнинг Тойлоқ туман бўлими томонидан «Тойлоқтумангаз» бўлимида терговга қадар текширув ўтказилган. Ушбу текширувда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

4 нафар ходим ўзаро тил бириктириб, 2023 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида имтиёзли нархда аҳоли хонадонларига етказиб берилган суюлтирилган газ сотувидан тушган 346,9 миллион сўмни банк кассасига кирим қилмасдан ўзлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Ушбу модда билан судланганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: