12:41 | 14.05.24

                       

Самарқанддаги кафеда мижозлар овқат пулини тўламаслик учун жанжаллашди

Самарқанддаги кафеда мижозлар овқат пулини тўламаслик учун жанжаллашди. Ошхона эгаси бўлган аёлни ураётганида инспекторлар етиб келган.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида кафеда жанжал кўтариб, ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.

Қайд этилишича, 11 май куни Каттақўрғон шаҳрининг «Зарафшон» МФЙда жойлашган ошхоналарнинг бирида жанжал бўлаётгани тўғрисида ИИБ га хабар келиб тушган. Воқеа жойига уч нафар профилактика инспектори етиб борганида, 4 нафар шахс маст ҳолатда ошхона эгалари билан жанжаллашаётгани маълум бўлган.

«2024 йил, 11 май куни, соат 18:00 да Зарафшон» МФЙ Бухоро кўчасида мурожаат юзасидан борганимизда 4 нафар шахс ўта маст ҳолатда ошхона эгалари билан жанжаллаётгани аниқланди», — дейди инспектор.

Шундан сўнг қонунбузарлардан бири ошхона эгаси бўлган аёлни ҳақоратлаб, унга қўл кўтараётганида ИИБ ходимлари уларни ажратишга ҳаракат қилган. Бироқ жанжал кўтарган шахслар профилактика инспекторларининг қонуний талабини бажармай, уларни ҳам ҳақоратлаб, қочишга уринган, улардан бири Cobalt русумли машинасида ИИБ ходимини қасддан туртиб кетган.

Аниқланишича, ушбу шахслар тамаддихонадан пул тўламай чиқиб кетмоқчи бўлган ва оқибатда ошхона ишчилари билан ўрталарида жанжал юз берган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан гумонланувчилар процессуал тартибда қамоққа олинган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: