17:31 | 31.01.24

                       

Самарқандга 4 та янги замонавий чиқинди ташувчи техника воситалари олиб келинди

Каттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманларида хизмат кўламини 100 фоизга етказиш учун йил охирига қадар яна 4 та техника воситаси сотиб олиш режалаштирилган.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги «Анваржон бизнес инвест» масъулияти чекланган жамиятига Хитойдан 4 та янги замонавий чиқинди ташувчи техника воситалари келтирилди.

Айни дамда туманда чиқинди соҳаси бўйича аҳолига хизмат кўрсатиш 91 фоизга етган. Каттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманларида хизмат кўламини 100 фоизга етказиш учун эса йил охирига қадар яна 4 та техника воситаси сотиб олиш режалаштирилган.

Фото: Экология вазирлиги

Таъкидлаш жоизки, ҳукуматимиз томонидан чиқинди соҳасини тартибга солиш, бу борадаги хизматлар сифатини янада яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 4 январь куни «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди. Мазкур фармонда соҳада узоқ йиллардан бери ечимини кутиб келаётган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб берилган.

Маълумот учун, Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида 300 дона Isuzu русумли чиқинди йиғувчи махсус техникалар харид қилинган. Ушбу техникалар Экология вазирлиги томонидан республикадаги барча ҳудудлардаги санитар корхоналарига 10 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида лизингга берилмоқда.

«Мазкур техника воситалари Европа стандартларига тўлиқ жавоб беради ҳамда аҳолига узоқ йиллар сифатли хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Қолаверса, юртимиз иқлимига мослашган ва чидамли», — дейилган Экология вазирлиги хабарида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: