17:00 | 30.05.24
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги 100 фоиз улушлар икки йил аввал 100 млн долларга Saneg’га сотилганди. Saneg белгиланган тўловни тўлиқ тўламаган, бироқ 2 йилда ФНҚЗ фаолиятидан 557,3 млрд сўм соф фойда олган.
Бундан икки йил аввал Saneg ҳамда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бўйича хусусийлаштириш битими тузилганди. Бироқ, 2024 йилнинг 29 май ҳолатига кўра, заводнинг 58,5 фоиз улуши Давактивга, 41,5 фоиз улуши эса Saneg’га тегишли эканлигига Kun.uz эътибор қаратмоқда.
2022 йилнинг 22 май куни Давлат активларини бошқариш агентлиги заводнинг 100 фоиз улуши 100 млн долларга «Саноат Энергетика Гуруҳи» МЧЖга сотилганини эълон қилганди.
Давактив нашрга берган изоҳида Saneg ҳали белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширмаганини маълум қилган. Шу билан бирга агентлик Saneg тўлиқ тўловни қайси муддатда амалга ошириши кераклиги ҳақидаги саволга ойдинлик киритмаган.
«Харид қийматини тўлаган қисмига мутаносиб равишда улуш ўтказиб берилади. Харид қиймати тўлиқ тўлангандан ва шартнома шартларини бажаргандан сўнг, улуш ҳам тўлиқ ўтказилади», – дейилади агентлик изоҳида.
Қайд этиш керак, битим доирасида харидорга қуйидаги мажбуриятлар ҳам юклатилганди:
Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, агар, 100 фоиз улуш 100 млн.долларга баҳоланган бўлса ва ҳисоб-китоблар долларда амалга оширилган деб ҳисобланилса, 2 йил давомида Saneg 41,5 млн.доллар тўлаган бўлиши мумкин. Бу ҳозирги курсда кўпи билан 525 миллиард сўм дегани (ўртача тортилган курс бўйича 450 миллиард сўмдан камроқ).
«Шундай қилиб, хусусийлаштириш учун олдиндан 1 сўм тўланмаган ФНҚЗ ўтган 2 йилда жами 557,3 миллиард сўм соф фойда олган:
- 2022 йил учун 19,3 миллиард сўм;
- 2023 йил учун 469,6 миллиард сўм;
- 2024 йил биринчи чораги учун 68,4 миллиард сўм.
Шунда ФНҚЗни олдиндан 1 сўм тўламай «сотиб олган» Saneg ўтган 2 йилда заводнинг соф фойдаси билан ҳисоб-китоб қилган ва қилмоқда ва яна 100 млрд.сўмча ёнида ҳам қолган», – деб ёзади Бакиров.
Маълумот ўрнида, Saneg Ўзбекистондаги асосий нефт қазиб чиқарувчи компания ҳисобланади. Ҳукуматнинг 2024 йил 2-чораги учун инвестиция дастурига кўра, ҳозирги вақтда Saneg нефт конларидаги «Ўзбекнефтгаз»га тегишли ускуналарни назоратга олмоқда. Бу хусусийлаштириш жараёни ҳозир қайси босқичда экани, хусусийлаштириш объекти ва битим қиймати ҳақида маълумот йўқ.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: