16:27 | 12.04.24

                       

Сангардакда қиймати 10 млн еврога тенг канат йўли қурилади — фото

Шунингдек, Сангардак дарасининг тепасига кузатув майдончаси, меҳмон уйлари, ресторан ва дам олиш масканлари қурилади.

Австриянинг Doppelmayr компанияси Сурхондарё вилоятида 10 млн еврога осма канат йўли қуришни режалаштираётгани ҳақида ЎзА хабар бермоқда.

Фото: ЎзА

Сурхондарё вилояти ҳокимининг Венгрияга ташрифи чоғида маҳаллий «Денов Олтин Дон» компанияси ҳамда European Doppelmayr компанияси ўртасида Сангардак қишлоғида осма канат йўли қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланган.

Дара тепасида кузатув майдончаси, енгил конструкцияли меҳмон уйлари, ресторан, от ва туя миниш жойи, спорт билан шуғулланиш майдони, оилавий сайр қилиш йўлаклари, селфи майдонлари, болалар майдончалари ва рақс саҳналари қурилади.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, яқин вақт ичида узунлиги 1200 метрли канат йўлини қурилишини бошлаш режалаштирилган. Лойиҳа шу йилнинг ўзида фойдаланишга топширилиши керак.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати уч кунлик ташриф якунлари бўйича умумий қиймати $124,2 млнлик 18 та ҳужжат имзолангани ҳақида хабар берди. Улар орасида олтита ҳамкорлик шартномаси, тўққизта инвестиция ва учта импорт шартномаси бор.

Маълумот учун, Doppelmayr/Garaventa Group канат йўлларини қуриш ва уларга жиҳозларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган компаниялар гуруҳи ҳисобланади. Компания 2002-йилда Австриянинг Doppelmayr ва Швейцариянинг Garaventa AG компаниялари бирлашиши натижасида жаҳондаги энг йирик канат йўллари қуриш ва ишлаб чиқарувчисига айланган. Doppelmayr/Garaventa 89 мамлакатда ўрнатилган 14 600 дан ортиқ канат йўллари ва уларнинг жиҳозларини ишлаб чиқарган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: