17:37 | 23.01.24

                       

Шаҳрисабздаги аэропорт қачондан ўз фаолиятини бошлайди?

Шаҳрисабз шаҳридаги аэропорт ўз фаолиятини қачондан бошлаши, авиақатновлар йўналишлари ва аэропортдаги самолётлар русумлари ҳақида билиб олинг

Қашқадарё вилояти,Шаҳрисабз шаҳрида 2024 йилнинг июль-август ойларида аэропорт очилиши режалаштирилмоқда.
Маълумотларга кўра аэропорт очилиши ёз фаслининг сўнгги ойларида бўлиб, талабгор пассажирлар сонига қараб ҳафтасига 2 мартадан 7 мартагача қатновлар амалга оширилади.

Авиақатновлар асосан Тошкент-Шаҳрисабз, Зомин-Шаҳрисабз  йўналишида бўлади. Парвозлар ATR 72 ёки енгил турбовинтли LET L-410 русумли самолётлари билан бўлиши кутилмоқда.

ATR 72 самолёти
Фото:Uzbekistan Airports

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда ушбу таклифни киритган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сайёҳларни жалб қилиш учун минтақанинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш муҳимлигини ҳам таъкидлади. Аэропортнинг очилиши минтақада туризмни ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли режанинг бир қисми ҳисобланади.

Фото:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Маълумот учун,  Шаҳрисабз шаҳрида 1980 йилларда аэропорт мавжуд бўлган. Лекин аэропорт Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг йўловчилар ҳаво қатнови камайгани сабабли ёпилган.
Маълум бўлишича, шу аэропорт қайта таъмирланиб, шаҳарлараро қатновлар йўлга қўйилиши режа қилинган. Шунингдек Шаҳрисабз шаҳрида замоновий хизмат кўрсатиш мажмуалари, туристик инфратузилма объектлари, жумладан меҳмонхона, соғломлаштириш марказлари, савдо ва кўнгилочар объектларни жойлаштириш ҳам лойиҳа доирасига киритилди.
Аэропорт очилиши билан бир қаторда йўл таъмирлаш ва қурилиш ишлари, жумладан, Самарқанд ва Шаҳрисабзни боғловчи Тахтақорача довони орқали янги туннель ва йўл қурилиши ҳам режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар Хитойлик сармоядорлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Албатта,бу лойиҳалар ўз навбатида сайёҳлар оқимининг ҳудудга киришини яхшилаш, сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: