22:27 | 03.06.24

                       

Шаҳрисабз туризм техникумида Швейцария дастури асосида йилига 100 нафар мутахассис тайёрланади

Шаҳрисабз туризм техникумида Швейцария дастури асосида йилига 100 нафар мутахассис тайёрланади. Президент туристлар оқимини янада кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор ўтказди.

Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев раислигида туризмни янада ривожлантириш бўйича устувор масалалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ва соҳадаги тадбиркорлар билан мулоқот бўлди. Ўтган йил Самарқандда ўтган Глобал туризм инвестиция форумида 2,3 миллиард долларлик келишувларга эришилган эди. Лекин айрим лойиҳалар бўйича ишлар суст кетаётгани йиғилишда кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Наманган, Андижон, Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва пойтахтдаги лойиҳаларга ҳалигача ер танланмаган. Сирдарё ва Жиззахда хорижий ҳамкорларга бирорта лойиҳа таклиф қилинмаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан бирга, ишлар тўғри ташкил этилган ҳудудларда натижа бор. Масалан, хорижий инвесторлар Шаҳрисабз тумани Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари орасида 3 минг гектарлик тоғ-чанғи комплексини ташкил қилиш, Мираки қишлоғида туризм зонасини барпо этиш ишлари бошланди.

Иқлими, табиати Шаҳрисабзга ўхшаш бўлган Оҳангарон, Ургут, Янгиқўрғон, Поп, Чортоқ, Бахмал туманлари ҳокимларида бу борада бирорта ташаббус йўқлиги танқид қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шаҳрисабз шаҳри – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 2024 йилдаги туризм пойтахти деб эълон қилинган. Шу боис ҳукумат олдига Шаҳрисабзда туризмни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар қўйилди.

Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз туманида Туризм кластери ташкил қилинади. Ҳисорак-Ғелон ва Ҳисорак-Сарчашма йўли икки тасмали қилиб таъмирланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Чироқчи-Шўрқудуқ автомобиль йўлининг 30 километри таъмирланиб, Самарқанддан Шаҳрисабзга қатнов вақти қисқаради. Натижада Шаҳрисабзга кўпроқ сайёҳни жалб қилиш имконияти яратилади.

Шаҳрисабзда туризм кластерини ташкил этиш доирасида 2025 йилда Ғелондан ўтувчи Оқсу дарёсида қуввати 24 мегаваттли 3 та ГEСни ишга тушириш режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Шаҳрисабз туризм техникумида Швейцария дастури асосида йилига 100 нафар мутахассис тайёрланади.

Умуман, мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига туризм салоҳияти юқори 20 та туманни танлаб олиб, Россия, Туркия, Хитойдан маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда ушбу туманлар мастер режасини ишлаб чиқиш ва ҳар бирига камида 50 миллион долларлик инвестиция жалб қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: