18:09 | 02.10.23

                       

Шавкат Мирзиёев Қатар амири билан учрашди

Икки давлат раҳбари Афғонистон масаласини ҳам муҳокама қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Қатарга амалга оширган давлат ташрифи давомида бугун, 2 октябр куни ушбу мамлакат амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев дастлаб Қатар амирига ташриф билан келиш таклифи ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирган.

Учрашувда сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилган.

Қатар амирининг 2023 йил июнь ойида Самарқандга амалга оширган ташрифи икки мамлакат муносабатларида янги босқични бошлагани таъкидланган. Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори, стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қатъий интилиш билдирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қатарда муваффақиятли амалга оширилаётган ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлган «Нигоҳ 2030» давлат дастурига юқори баҳо берилган.

Томонлар савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, анъанавий ва «яшил» энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирган.

Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январь ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишлари ва бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинган.

Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Қатарнинг илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект, «яшил» энергетика борасида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор экани таъкидланган. Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризм ҳафталигини ўтказишга келишиб олинган.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинган.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилган.

Томонлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув якунида давлат раҳбарлари бир қатор қўшма «йўл харита»ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали рўёбга чиқариш механизмларини яратиш топшириғини берган.

Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: