15:38 | 24.11.23
Учрашувда Ўзбекистон-Озарбайжон ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини ошириш муҳокама қилинган
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24 ноябр куни Боку шаҳрига амалий ташрифи доирасида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Илҳом Алиев Мирзиёевга БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитини қўллаб-қувватлагани ва унда шахсан иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирган. Ўз ўрнида Мирзиёев Озарбайжон Президентини СПЕКАда муваффақиятли раислик қилаётгани билан табриклаган.
Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниб, икки томонлама алоқалар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани қайд этилган.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш 34 фоизга ошган бўлиб, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ипакчилик тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Учрашувда кимё, энергетика, заргарлик, машинасозлик, қурилиш ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўтарилиб, маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган.
Учрашув якунида Мирзиёев Озарбайжон Президентини ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга боришга таклиф этган.