16:15 | 09.11.23

                       

Шавкат Мирзиёев ИҲТ доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишни таклиф қилди

2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажми икки баробарга кўпайиши мумкин.

Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ташкилотининг асосий ҳужжати бўлган «Истиқболлар – 2025» ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлаган. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Фото: Президент матбуот котиби

Ҳозирча ишга солинмаётган катта имкониятларнинг чуқур таҳлили асосида ташкилотнинг келажакдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи «Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035» концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш вақти келгани таъкидланган.

Давлат раҳбари ушбу муҳим ҳужжатда эътибор қаратиш лозим бўлган асосий йўналишларни кўрсатиб ўтган.

Президент 2022 йил ИҲТга аъзо давлатлари ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этгани ва бу мамлакатлар умумий ташқи савдосининг атиги саккиз фоизига тенг келганини айтиб ўтган.

«Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда», – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан Президент Ўзбекистон экспертлари томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга таклиф қилган.

Унда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкинлиги айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: