12:03 | 13.12.23

                       

Шавкат Мирзиёев қишни беталафот ўтказиш бўйича вазифалар ижросини кўриб чиқди

Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида газ камайгани, Қашқадарёнинг икки туманида чироқ кўп ўчаётгани маълум қилинган.

Президент раислигида 12 декабр куни ўтказилган қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида ички имкониятлар тўла ишга солиниб, тармоқлар модернизация қилингани билдирилди. Муассаса, корхона ва маҳаллалардаги камчиликлар бартараф этилган.

Қўшимча энергетика қувватларини яратиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди. Натижада қисқа вақтда 675 мегаватт ишга туширилди, йил якунига қадар 2,2 минг мегаваттли 7 та станция ишга туширилади. Шунингдек, 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланди.

Тошкент шаҳрида аҳоли кўплиги ва талаб юқорилиги боис бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, пойтахтда жами қуввати 286 мегаваттга тенг 2 та янги подстанция қурилди. 228 та трансформатор, 1 минг 130 километр тармоқлар янгиланди. 260 километр юқори кучланишли кабел тармоқлари тортилди.

Давлат раҳбари бу ишларни давом эттириб, дастур доирасида режалаштирилган ишларни қисқа муддатларда якунига етказиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда айрим ҳудудларда энергетика тизимида кузатилаётганига эътибор қаратди. Масалан, Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида газ камайган. Андижон вилоятининг Балиқчи, Пахтаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳаво совиши билан электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кўпайган. Қашқадарё вилояти Ғузор ва Касби туманларида чироқ кўп ўчаётгани маълум қилинган.

Давлат раҳбари бундай камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш лозимлиги яна бир бор таъкидлаб, электр тармоқлари ва газ таъминоти мутасаддиларига авария бригадаларини шай ҳолатга келтириб, туну кун ишлашини таъминлаш, зарур восита ва материаллар захирасини кўпайтириш бўйича топшириқ берди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: