13:12 | 24.12.23

                       

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президентини туғилган куни билан табриклади

Ўзбекистон Президенти, шунингдек, Алиев билан телефон орқали мулоқотда Озарбайжоннинг COP29'га мезбонлик қилишини давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганининг ифодаси сифатида баҳолади.

Бугун, 24 декабр куни Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Давлат раҳбари Озарбайжон етакчисини таваллуд куни билан дилдан қутлаб, қардош озарбайжон халқига фаровонлик ва равнақ тилади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Суҳбатда Мирзиёев Илҳом Алиевнинг бугунги Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва шиддатли тараққиётини таъминлашдаги шахсий ҳиссаси ва тарихий ўрнини алоҳида қайд этган.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларида юксак даражага – стратегик шерикликка эришилганини катта мамнуният билан таъкидлаган.

Товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилда 30 фоизга ошди, машинасозлик, тўқимачилик, пиллачилик, қишлоқ хўжалиги, нефт-газ мажмуаси, туризм ва кўплаб бошқа тармоқларда истиқболли кооперация лойиҳалари фаол тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари икки томонлама муносабатларни жадал ривожлантириш йилида амалий ҳамкорликнинг 10 та янги йўналишини шакллантиришга келишиб олган. Ўзбекистон Президенти Озарбайжон раҳбарига ушбу мамлакатда бўлажак Президент сайлови муваффақиятли ўтказилишини тилаган.

Шунингдек, ушбу мулоқот бўйича Озарбайжон Президенти матбуот хизмати ҳам маълумот бериб, Илҳом Алиев Озарбайжоннинг келаси йили COP29’га мезбонлик қилиши тўғрисидаги қарор муносабати билан Ўзбекистон Президентининг табрик мактуби учун миннатдорлик билдирганини маълум қилди.

Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев ушбу байрам муносабати билан Алиевни яна бир бор табриклаб, буни Озарбайжоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганининг ифодаси, мамлакатга ҳурмат намоёни сифатида баҳолаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: