14:45 | 26.10.23

                       

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга боради

Давлат раҳбари Астана шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этади.

Президент Шавкат Мирзиёев ноябр ойининг бошида Қозоғистонга боради. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 3 ноябр куни Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг юбилей Х сессияси бўлиб ўтади. Қозоғистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, сессияда ташкилотга аъзо давлатлар: Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этади. Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомига эга бўлган Туркманистон ва Венгрия етакчилари ҳам унда қатнашиши кўзда тутилган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевга мамлакатнинг Республика куни байрами муносабати билан йўллаган телеграммасида Астанадаги саммитда қатнашиши ҳақида айтиб ўтган.

«Муштарак тил, тарих ва маданиятга асосланган муносабатларимиз стратегик шериклик руҳида изчил кенгайиб, ҳамкорликнинг янги йўналишлари билан ривожланиб, бойиб бораётганини кўришдан мамнунман. Ишончим комилки, Туркия ва Қозоғистон ўртасидаги алоқалар биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мустаҳкамланиб боради. Сиз билан Туркий давлатлар ташкилотининг Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Х саммитида учрашишдан хурсанд бўламан», дейилади мактубда.

Шунингдек, Республика куни муносабати билан Ўзбекистон Президенти ҳам Тўқаевга табрик йўллаган. Унда мамлакат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар самарасида замонавий Қозоғистон изчил ривожланаётгани, у илгари сураётган минтақавий ва глобал ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан муносиб тан олинаётгани айтилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонга 1 ноябр куни Франция президенти Эммануэл Макрон ва 2 ноябр куни Венгрия бош вазири Виктор Орбан ташриф буюриши ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: