9:06 | 21.07.23

                       

Шавкат Мирзиёев пойтахни айланди, инфратузилма лойиҳаларини кўздан кечирди

Президент 20 июл куни Тошкент шаҳридаги Навоий, Ойбек, Нукус кўчалари бўйлаб юрди, аэропорт ёнидаги кўприкни қурилиш ишлари билан танишди, Яшнобод туманидаги боғлар ва «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини бориб кўрди.

Шавкат Мирзиёев 20 июл куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Tashkent city мажмуасида барпо этилган улкан иншоотлар, ҳусусан унинг «Пахтакор» метро бекати тарафида қурилаётган йирик савдо маркази ҳудудида бўлиб, пиёдалар ва автомобиллар учун шароитларни кўздан кечирди. Президент келгусида ҳаракат янада кўпайишини инобатга олиб, Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қуриш, пиёдалар йўлакларини қулайлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Навоий, Ойбек, Нукус кўчалари бўйлаб юриб, йўллардаги шароитни кўздан кечирди, одамлар билан суҳбатлашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент автомобиллар қатновига қулайликни ошириш мақсадида у кенгайтирилиб, қўшимча эстакада қурилаётган Тошкент халқаро аэропорти ёнидаги кўприкни қурилиш жараёнини кўрди. Қурилиш битгандан сўнг, унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлади. Айланма шаклидаги чиқиш-тушиш йўллари қайрилиб олиш хавфини йўқотиб, ҳаракатни осонлаштиради. Президент, атрофни кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахтлар экиш кераклигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Президент Яшнобод туманида Абдулла Қодирий ва Кичик ҳалқа йўли орасидаги Элбек боғини асраш, аҳолининг дам олиши учун шароитларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини ҳам бориб кўрди. Аэропортнинг умумий майдони 693 гектар, унда 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги, замонавий терминаллар, самолётлар учун ангар ва перронлар бўлади. Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология асбоб-ускуналари билан жиҳозланади. Шавкат Мирзиёев барпо этилган учиш-қўниш йўлаги ва юқори мартабали меҳмонлар терминали биносини кўздан кечирди. Галдаги қурилиш ишларини молиялаштириш, терминалнинг ташқи кўриниши ва делегациялар учун қулайликларни қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берди.