17:53 | 04.01.24

                       

Шавкат Мирзиёев сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни кўриб чиқди

Давлат раҳбари кўпчиликнинг онгида ўрнашиб қолган «сув – текин» деган тушунчани ўзгартириш вақти келганини айтиб ўтган.

Шавкат Мирзиёев 4 январ куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Сўнгги йилларда 472 минг гектар ер томчилатиб ва 48 минг гектари ёмғирлатиб суғоришга ўтказилди, 97 минг гектарда бошқа сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. 649 минг гектар ер лазерли текисланди.

Шундай чора-тадбирлар натижасида биргина 2023 йилда 2 миллиард куб метр сув тежалган. Мисол учун, бу Бухоро вилоятининг бир йиллик сув сарфига тенгдир.

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Унга кўра, туман ирригация бўлимлари ва махсус хизматлар негизида «Сув етказиб бериш хизматлари» давлат муассасалари ташкил қилинади. Улар экскаватор ва бошқа техникалар билан таъминланади. Бу суғориш тармоқларига хизмат кўрсатиш ишларини 2 баробарга арзонлаштиради.

Шунингдек, барча суғориш тармоқларини хатловдан ўтказиш, эгалари бўйича бириктириш ҳамда ҳар бирининг ягона идентификацион рақамини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Маълумки, жорий йилдан далагача етказилган 1 куб метр сув учун солиқ 100 сўм этиб белгиланди. Кўпчиликнинг онгида ўрнашиб қолган «сув – текин» деган тушунчани ўзгартириш вақти келди.

Шунингдек, кредитлар «онлайн» ажратилиши йўлга қўйилмоқда. Бу борада Агробанк томонидан «Subcredit.uz» тизими ишлаб чиқилган. Яна бир муҳим томони, энди пудратчиларга сув тежовчи технологияларни фақат ишчи лойиҳа асосида қуриш, ўрнатилган тизимларга камида 2 йиллик кафолат бериш ва камида 5 йиллик сервис хизмати кўрсатиш каби қўшимча мажбуриятлар юклатилмоқда. Бу талабларни бажармайдиган пудратчилар тизимга киритилмайди.

Маълумки, жорий йилдан далагача етказилган 1 куб метр сув учун солиқ 100 сўм этиб белгиланди. 2025 йилдан бошлаб, далада сув ҳисоблагич ўрнатган ва тежамкор технологияларни қўллайдиган фермерлар учун солиқ коэффициенти камайтирилади. Аксинча ҳолатларда эса оширилади. Шу билан бирга, сув етказиб бериш учун тўловлар бекор қилинади.

Давлат раҳбари сўнгги истеъмолчигача бўлган тизимни тўғри йўлга қўйиш, сувни тежаш ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берган.