10:24 | 24.01.24

                       

Шавкат Мирзиёев Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашди

Халқ йиғинлари уйида ўтган учрашувда савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари кўрилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифини ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашувдан бошлади. Халқ йиғинлари уйида ўтган учрашувда кўп қиррали амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

ХХР ҳукумати раҳбари икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Хитой муносабатлари барча соҳа ва йўналишларда мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини қайд этди.

Ўтган йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткични, шу жумладан юқори сифатли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига 20 миллиард долларга етказиш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Инфратузилмани модернизация қилиш, саноат кооперациясини, қишлоқ хўжалигида технологиялар трансферини кенгайтириш ва «яшил» энергетикани ривожлантириш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Хитой компанияларининг мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиши истиқболлари кўриб чиқилди.

22 январ куни Урумчи шаҳрида ўтган биринчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлар форуми ва саноат кўргазмаси натижалари юқори баҳоланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хитойда шу кунларда таълим форуми ва Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилаётгани қайд этилди. Томонлар авиақатновлар ва сайёҳлик алмашинувини янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Якунда Шавкат Мирзёев ХХР Давлат кенгаши Бош вазирини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: