12:44 | 24.01.24

                       

Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзин Лицюн билан музокара ўтказди

Устувор йўналишлардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 2026 йилгача мўлжалланган қўшма Ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифининг ишбилармонлик тадбирлари доирасида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бош қароргоҳига ташриф буюриб, банк президенти Цзин Лицюн билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Халқаро молиявий институт билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Кейинги йилларда банк билан ҳамкорлик мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилди. Қўшма лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошди. 2023 йилнинг ўзида жалб қилинган инвестициялар ҳажми 1 миллиард долларга етди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Энергетика, сув таъминоти, автомобил ва темир йўлларни реконструкция қилиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари стратегик хомашёни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этган.

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган таркибий ислоҳотлар доирасида устувор йўналишлардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 2026 йилгача мўлжалланган қўшма Ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Марказий Осиё минтақасидаги стратегик муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Банк бошқарувчилари кенгашининг жорий йил сентябр ойида Самарқанд шаҳрида бўлажак йиллик йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: