15:09 | 26.02.22

                       

Шавкат Мирзиёев Туркия президентини туғилган куни билан табриклади

Телефон орқали мулоқотда қатор масалалар муҳокама қилинган

Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Туркия етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақият, Туркиянинг дўст халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Мулоқот чоғида икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон–Туркия кўп қиррали ҳамкорлиги барқарор ва жадал суръатда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Таъкидланишича, турли даражаларда фаол мулоқотлар давом эттирилмоқда, ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсмоқда. Икки мамлакат етакчи ҳудуд ва корхоналарининг кооперацияси кенгаймоқда, биргаликда қатор йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Муҳим маданий-гуманитар дастурлар рўёбга чиқарилмоқда.

Давлат раҳбарлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Стратегик ҳамкорлик бўйича олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Халқаро сиёсат ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди. Телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек дўстона ва ишонч руҳида ўтди.

Аввалроқ Путин Шавкат Мирзиёевни Янги йил билан табриклагани хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевни 60 ёши билан табриклагани ҳақида хабар берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: