17:45 | 06.04.24

                       

Синфдошлари томонидан муттасил тазйиққа учраётган қиз бунга масъуллар эътиборсизлигини айтди

Синфдошлари томонидан муттасил тазйиққа учраётган қиз бунга масъуллар эътиборсизлигини айтди. Уни уч синфдоши дарсдан кейин калтаклаган.

Болалар омбудсманининг шахсий қабулига 3 апрель куни 2010 йилда туғилган, Бўстонлиқ туманида яшовчи Э.О. (қиз бола) келиб, мурожаат қилди, деб хабар берди омбудсман ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, Э.О. ўз мурожаатида мактабда синфдошлари томонидан муттасил тазйиқ ва буллингга учраётганлиги, бу ҳолатга мактаб маъмурияти ҳам, бошқа масъуллар ҳам эътиборсиз эканлигини билдирди.

Болалар омбудсмани сўрови асосида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ички ишлар органлари мазкур ҳолатни ўрганди.

Бўстонлиқ тумани ММТ бўлими ўрганиши давомида жорий йилнинг 18 март куни информатика дарсида Э.О, С.М., М.К., К.В. лар (барчаси қизлар) ўзаро гап талашиб қолишгани, дарс машғулотлари тугаганидан сўнг низони хал қилишни келишиб, дарс тугаганидан кейин мактаб синф хонасида йиғилиб ўзаро жанжаллашгани ва 3 нафар қиз биргаликда Э.О. ни уришгани, уни турли ҳақоратли сўзлар билан камситишгани маълум бўлди.

Бўстонлиқ тумани, «Марказий» МФЙ профилактика инспектори томонидан болалар ўртасидаги бу ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилиб, вояга етмаган ўқувчи қизлар Э.О. ва К.В. га суд тиббиёт экспертизаси тайинланган ва уларнинг енгил тан жароҳати олганликлари аниқланган.

Мазкур буллинг ҳолати юзасидан К.В., С.М., М.К. ларнинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1- қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида маъмурий жавобгарликка тортилди. Қизлар билан махсус психологик коррекцион иш олиб бориш учун психолог бириктирилди.

Мактаб раҳбарияти ва инспектор-психолог болалар ўртасида бу каби буллинг ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича тегишлича огоҳлантирилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: