10:23 | 11.01.24
Жиноятчига саккиз йил-у бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Асли Тошкент вилоятидан бўлган фуқаро хорижий давлатда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари ва акциз маркалари бўлмаган 108 138 қути тамаки маҳсулотлари ҳамда 657 қути «Ировир-Ф» номли дори воситаларини Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида истиқомат қилувчи божасининг хонадонга олиб бориб жойлаштираётган вақтида, Божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган.
18 декабр куни ушбу шахсга нисбатан жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судида ҳукм ўқилган. Энг ачинарли жиҳати, мазкур шахс томонидан Ўзбекистонга олиб кирилган «Ировир-Ф» дори воситаси қалбаки бўлиб, асл дори воситаси нархида сотилиши мақсад қилинган. Яхшиямки, ушбу дори воситалари ўз вақтида ушлаб қолинган. Акс ҳолда, Ўзбекистондаги бир неча ҳомиладор аёлларнинг соғлиги ушбу препаратларни истеъмол қилиш оқибатида хавф остида қолган бўларди.
Тезкор тадбирда қўлга олинган шахс автомашинасига юкланган товарларнинг қалбаки ва сифатсиз эканлигини яхши билса-да, уни истеъмол қилганларга кўрсатадиган салбий таъсирини ўйлаб ҳам ўтирмади. Мўмай даромад илинжи эса виждонини танламади. Охир оқибатда панжара ортида айтадиган сўнгги пушаймонлари билан ёлғиз қолди.
Суд мазкур ишда аниқланган ҳолатларни ва текшириб чиқилган далилларни эътиборга олиб судланувчига Жиноят Кодексининг 59,61-моддалари тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун саккиз йил-у бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, ашёвий далил сифатида олинган тамаки ва дори воситалари ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Хислат Қўқонбоев
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди судяси
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: