12:04 | 26.11.23

                       

Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга қанча мукофот тўлангани маълум бўлди

Ҳуқуқбузарликлар ҳақида мурожаатлар сони 100 мингдан ошган.

2023 йилнинг январ-октябр ойларида «Солиқ» мобил иловаси орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 102 089 та мурожаат йўлланган, деб хабар бермоқда «Фискал таҳлиллар» Telegram канали.

Шундан 94 765 таси харид чеки бермаслик, 4 020 таси тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик, 200 таси пластик карта учун харид суммасини ошириш ва 3 104 таси бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни ўз ичига олади. Улардан 56 756 таси такрорий бўлганлиги ёки шикоят келиб тушган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётганлиги сабабли қайтарилган.

Билдирилишича, мурожаатлар асосида 40 833 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 99,4 % ҳолатда ҳуқуқбузарлик тасдиқланган. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берган фуқароларга 2023 йилда 40 685 та ҳолат бўйича (ундирилган жарима суммасидан 20%) 33,5 млрд сўм мукофот тўланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: