7:59 | 27.02.24

                       

Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик мақбуллаштирилади

Фармон кучга киргунга қадар фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилган молиявий жарималар бўйича мавжуд қарздорликнинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини мақбуллаштириш тўғрисида» қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ,фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузганлик, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун молиявий жарима миқдори:

  • ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда — реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизи;
  • ҳуқуқбузарлик молиявий жарима қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда — реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 фоизи миқдорида ўрнатилади.

Мазкур фармон кучга киргунга қадар фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилган молиявий жарималар бўйича мавжуд қарздорликнинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилади ва ҳисобдан чиқарилган қарздорликни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади.

Солиқ кодексига мазкур фармондан келиб чиқиб, тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун молиявий жарималар ва маъмурий жазо чоралари қўлланилмайди. Мазкур фармон кучга киргунга қадар фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммаларининг 98 фоизи келгуси тўловлар ҳисобига белгиланган тартибда тегишли тадбиркорлик субъектларига қайтарилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: