12:30 | 02.12.23

                       

Совет Иттифоқи қатағон қилган Абдулла Қодирий ва 200 га яқин киши оқланди

Олий суд қатағон қилинган ва реабилитация қилинмай қолган навбатдаги шахсларга оид жиноят ишларини апелляция тартибида кўриб чиқди.

Олий судга келиб тушган, Ўрта Осиёда ва Қозоғистондаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармалари Учлик Кенгашларининг махсус йиғилиши қарорларига кўра, 1930-1931 йилларда ҳозирги Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида босмачилик ҳаракати аъзолари бўла туриб, қуролли тўда тузишиб, совет ҳокимиятига қарши қуролли қўзғолонлар ҳамда аксилинқилобий босмачилик ҳаракатини амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР фуқаролари бўлган 174 нафар шахсга оид олтита жиноят иши ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Бош прокурор ўринбосари томонидан ушбу жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилган.

Кеча, 1 декабр куни очиқ суд мажлисларида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами олтита жиноят иши бўйича 174 нафар шахсга нисбатан Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Жумладан, Ўзбекистон ССР Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йил 16 июндаги ҳукми билан ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 73-моддасида (контррэволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш ва тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ, Ўзбекистон ССР Марказий ижроия қўмитаси Раёсатининг 1926 йил 17 июндаги қарорига асосан жазодан озод этилган.

Олий суд мажлисида Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий томонидан ушбу ҳукм устидан берилган апелляция шикояти ҳам кўриб чиқилган. Натижада, Қодирийга нисбатан чиқарилган Ўзбекистон ССР Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг ҳукми бекор қилиниб, жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли айбсиз деб топилди ва оқланди.

Бундан ташқари, яна 200 га яқин шахслар Олий суд томонидан оқланди.

Маълумот учун, кейинги йилларда совет даврида қатағон қилинган 856 нафар киши реабилитация қилиниб, оқланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: