ССВда 877 млн долларлик 11 та лойиҳадан баъзиларида ҳалигача инвестиция ўзлаштириш бошланмагани айтилди
Мирзиёев ҳузурида бир нечта соҳаларда халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси кўриб чиқилган.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, бугун 20 ноябр куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ичимлик суви, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларида халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси кўриб чиқилган.

Унда охирги етти йилда халқаро молия иститутларининг маблағлари ҳисобидан 16 миллиард доллар ўзлаштирилгани, 103 та лойиҳа ишга туширилгани айтилган. Буларнинг натижасида беш миллионга яқин аҳолининг кундалик ҳаёти яхшиланишига таъсир қилган 9 мингта ижтимоий ва инфратузилма иншоотлари қурилган ва таъмирланган. 38 та янги йирик саноат қуввати ишга туширилиб, 6,5 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилган.

Шунингдек, хорижий инвестициялар ҳисобига соҳаларга янги ёндашувлр кириб келаётгани, аммо барча тизимларда натижалар бирдек эмаслиги айтилган. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида жорий йилда 238 миллион доллар халқаро молия институтлари маблағлари ўзлаштирилиши кутилаётгани, бироқ у мўлжалланган маблағдан анча камлиги таъкидланган.
Сўнгги йилларда соҳага 2,4 миллиард доллар жалб қилиниб, шундан 1,3 миллиард доллари ўзлаштирилгани айтилган. Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида агрологистика марказлари ташкил этиш кечикаётгани танқид қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида 877 миллион долларлик 11 та лойиҳа мавжуд бўлсада, нефрология ва урология муассасаларини жиҳозлаш, пойтахтнинг Яшнобод туманида катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази қуриш, миллий референс лабораторияси ташкил қилиш лойиҳалари бўйича инвестиция ўзлаштириш ҳали бошланмагани айтилган. Бундан ташқари, «Ўзсувтаъминот» тармоғида қиймати 2,1 миллиард долларлик 22 та лойиҳа амалга оширилаётгани, шундан саккизта лойиҳанинг ўз вақтида ишга тушмаслик эҳтимоли борлиги эслатилган.