19:03 | 28.12.23

                       

Судяларда мустақиллик позицияси мавжуд эмас

Бош қомусимиз бўлмиш Конституциямизда, Жиноят-процессуал кодексда ва «Судлар тўғрисида»ги қонунда судяларнинг мустақил эканликлари ҳақида чиройли ёзилган нормалар мавжуд. Лекин, амалиётда ҳақиқатдан хам судяларимиз мустақилмикан?!

Бугунги кунларда судларимиз минг афсуски, қарорлар қабул қилишда ўзларининг мустақил позициясини борган сари йўқотиб бормоқда. Бошқача айтганда, қарор қабул қилишда адолат тарозисини четга суриб, айблов нуқтаи назаридан ёндошмоқда. Суд мажлисларини юзаки ўтказиб, суд деб номланадиган спектакл қўйиб беришади. Айниқса, жиноят ишларида суд ҳукмларининг айнан прокурор тасдиқлаган айблов хулосаси билан бир хиллигини, яъни кўчирилганлигини кўрасиз.

Судларда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки Жиноят ишларини кўрилишида бир қанча бундай мисолларни келтиришим мумкин:

Суд мажлисларида давлат айбловчиси иштирок этиб, ҳолатни ҳимоячилар каби синчковлик билан ўрганиши, айблов хулосасини ўқиб эшиттириши, суд терговида саволлар бериб, аниқлик киритиши ва суд музокарасида дастлабки тергов материалидан эмас, суддаги ҳолатдан келиб чиқиб жазо тайинлашдаги ёки бошқа ҳаракатлардаги ўз фикрларини билдиришлари зарур. Лекин, ўша давлат айбловчилари суд жараёнларида деярли иштирок этмайдилар ва ўз-ўзидан улар томонидан саволлар берилмаган, аниқлик киритилмаган, ҳаттоки айблов хулосасини хам аксарият холда судяларнинг ўзлари ўқиб эшиттирган бўлади. Албатта, бу ҳолатлар суд баённомасида кўрсатилмайди. Чунки, бу ҳолатда ҳукмнинг бекор бўлишига асос пайдо бўлади.

Яна бошқа мисол, суд жараёнларида иштирок этаётган халқ маслаҳатчиларининг худди томошабинларга ўхшаб ўтириши одамни ғашини келтиради. Ваҳоланки, улар иш кўриш жараёнида судя билан бир хил ваколатга эгадир. Улар судда саволлар бериб, ҳолатга аниқлик киритилишида судга ёрдам бериши ва адолатли қарор қабул қилинишида ўз позицияларини кўрсатишлари мумкин.

Шунингдек, суд ҳукмларининг тавсиф қисмида ҳимоя томоннинг келтирган важларини умуман кўрсатмай кетмоқда. Ваҳоланки, ЖПКнинг 467-моддаси талаби бўйича бошқа далилларни рад этиш сабаблари ёзилиши керак. Аммо суд музокарасида ҳимоя томон бир қанча асослар ва далилларни келтирган бўлади.

Яна бир мисолга келсак, судда шундай масъулиятли ваколат борки, бу «қамоққа олишга санкция бериш» дейилади. Бу ваколат аслида прокурордан олиниб, судларга ўтказилган. Аммо, афсуслар бўлсинки, судлар бугунги кунларда қамоққа олишга санкция беришда прокурорнинг хоҳишини ифодалаб бермоқда. Терговчилар қамаш учун судга хоҳлаган одамни олиб борсин, суд уни албатта қамаб беради. Ўзларининг мустақил позицияси мавжуд эмас. Қарор қабул қилиш учун ёлғондан алоҳида хонага кириб чиқишади. Бу спектаклни кимга кераги бор, агар судларнинг позициялари олдиндан аниқ бўлса.

Бошқа мисолни келтирсам, бугунги кунда ички ишлар органлари ва суд амалиётида жуда кўплаб учраётган ҳолат бу- жиноят аломатлари билан ушланган шахсни кўпроқ ушлаб туриш мақсадида уни маъмурий ҳуқуқбузарликда қўшимча айблаб, судга олиб бормоқда ва судларимиз маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлмасада шахсга 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаб бермоқда.

Бу каби мисоллар жудаям кўп. Мен айтмоқчиманки, токи судларимиз мустақил фикрга эга бўлмас экан, биз адвокатларнинг натижадор иш кўрсатишимиз қийин бўлаверади.

«АДВОКАТ ЯКУБОВ» адвокатлик бюроси раҳбари Якубов Даврон Атаназарович

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: