11:32 | 12.01.24

                       

Сурхон қўриқхонасида морхўр ва какликларни овлаган шахсга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Ундан табиатга етказган 62 млн сўмлик зарарни ҳам ундириш белгиланган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 21 сентябр куни Воҳидов Жонибек ўзининг МЦ-12-21 калибрли ов қуроли билан нафақат Ўзбекистон “Қизил Китоби”га, балки Халқаро Иттифоқ Қизил рўйхатига киритилган ер юзидан бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган бир бош бурама шохли эчки (морхўр) ва 14 бош какликларни овлаган.

Фото: Ўрмон хўжалиги агентлиги/иллюстрация

Аниқланишича, ҳайвонлар Сурхон қўриқхонасининг Вандоб маҳалласи яқинидаги Сангисурхсой массивида ўлдирилган.

Ўзининг сўзларига қараганда, айбдор Воҳидов Жонибек қуролни 2019 йилда овчилик жамияти орқали олган ва 2025- йилгача ундан фойдаланиш рухсатномасига эга бўлган.

Унинг қўшимча қилишича, 21 сентябр куни у каклик овига чиққанида адашиб морхўрни отиб қўйган. Сўнг, ёнидаги пичоқ билан жониворни майдалаб гўштини ўзи келган мототцикл ёнига олиб бораётганида қўриқхона хизматчилари кўриб қолган ва уни қувиб етган.

Ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида Сурхон қўриқхонаси директори Турдиев Р. табиатга етказилган зарар жами 70 млн 620 минг сўм эканини билдириб, судланувчига қонуний чора кўришни сўраб кўрсатма берган.

Суд ҳукмига кўра, 29 ёшли Воҳидов Жонибек Жиноят Кодексининг 202-моддаси билан айбли деб топилган ва унга нисбатан икки йил муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда 4 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, далилий ашё сифатида олинган ов қуроли ва ўқлар вилоят ИИБ хўжалик бўлимига ўтказилиб, табиатга етказилган зарар суммаси (62 млн сўм) ундирилиши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: