Сурхондарёда йўл ва айрим хонадонларни сел босди – видео
Вилоят ҳокимлиги мазкур ҳолатга муносабат билдирди.
8 ноябр куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидан ўтувчи М39 халқаро автомагистрал йўлининг «Чилонзор» маҳалласидан ўтган қисмида сел-сув тошқинлари йўлнинг қатнов қисмига чиқиб кетган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса оқибатида М39 халқаро автомагистрал йўли ва айрим хонадонларни сел босган.

Ҳодиса жойига туман ҳокимлиги, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари етиб боришган ва вазият назоратга олинган.


Ҳозирда сел-сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, йўлдаги лой-шағал аралашмасини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.


Шунингдек, фавқулодда вазиятлар ходимлари томонидан йўл бўйида жойлашган айрим хонадонлар ва бошқа объектларда сув тўпламларини тозалаш ишлари давом этмоқда.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмагани ва транспорт ҳаракати тикланганини ҳокимлик маълум қилган.
Аввалроқ, ҳафта ўртасида тўққизта вилоят ҳудудларида сел-сув тошқини кузатилиши мумкинлиги хабар қилинганди.