13:20 | 20.12.23

                       

Сурхондарёда ўз ҳудудида дарахт кесилишига йўл қўйган ўрмон хўжалиги ходимлари жавобгарликка тортилди

Ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга 21 млн 583 минг сўм зарар етказилган.

Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси Бойсун туман бўлимига арча дарахтлари ноқонуний тарзда кесилганлиги ҳақида хабар келиб тушди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Хабарга кўра, Бойсун давлат ўрмон хўжалиги «Хомкон» бўлимида ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада ходимларнинг ўз ишига совуққон муносабатда бўлганлиги натижасида 4 туп ўсувчанлигини йўқотмаган ва 2 туп ўсувчанлигини йўқотган «Зарафшон» арчалари таг қисмидан кесилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, 43 туп арча дарахтларининг ён шохлари кесилиб, шикаст етказилган.

Ҳолат юзасидан «Хомкон» бўлими бошлиғи ҳамда 3 нафар ходимга МЖтКнинг 95-моддаси 1-қисмига биноан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бўлим бошлиғи БҲМнинг 5 баробари, ходимлар эса 3 баробари миқдорида жаримага тортилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга 21 миллион 583 минг сўм зарар етказилгани аниқланди. Ҳуқуқбузарларга ўзларига тайинланган жарима ҳамда зарарни тўлашлари белгиланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: