Сурхондарёдаги «Сурхон» давлат қўриқхонасида 807 турдаги ўсимлик ҳамда 194 турдаги ҳайвон муҳофаза қилинади
Журналист ва блогерлар учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан пресс-тур ташкил қилинди.
«Сурхон» давлат қўриқхонаси Кўҳитанг тоғларининг шарқий ёнбағрида жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан 850 метрдан 3 137 метргача баландликка чўзилган. Вилоятнинг Шеробод туманига тегишли ушбу ҳудуд Туркманистоннинг давлат чегарасигача етади.

Қўриқхона 1986 йилда ташкил топган бўлиб, 23 406,4 гектар майдонга эга. Шундан 12 109,2 гектари ўрмонлар билан қопланган. Қўриқхона ҳудуди қулайлик нуқтаи назаридан 7 бўлим, 10 айланма ва 14 кварталга ажратилган. Ҳар бир бўлим ўз ичига муайян айланма ва кварталларни олади.

Қўриқхонада 807 турдаги ўсимлик мавжуд, шулардан 47 хили Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган. Қўриқхонада умуртқали ҳайвонлардан 26 тур сут эмизувчилар, 137 тур қушлар, 24 тур судралиб юрувчилар, 2 тур сувда ва қуруқликда яшовчи, 5 тур балиқлар, жами 194 тур ҳайвонот дунёсининг учраши аниқланган. 25 тур ҳайвон Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган.

Қўриқхонадаги муҳофазага олинган ҳайвонлардан 18 та тури Халқаро ТМҚИ «Қизил китоб»ига киритилган бўлиб, мазкур ноёб турларидан морхўр ёки бурама шохли эчки, бухоро тоғ қўйи муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳайвонлар ҳисобланади.

Қўриқхонада ҳайвонларнинг саноғини юритиш, уларни браконерлардан ҳимоялаш ва яшаш ареалларини аниқлаш мақсадида 22 та махсус фотоқопқон ўрнатилган. Кунора ана шу фотоқопқонларга муҳрланган тасвирлар олинади.

«Сурхон» давлат қўриқхонаси ҳудудининг чегарасида неолит даври одамларининг қояларда ов манзаралари тасвирланган Зараутсой дараси жойлашган. Бу қоятош расмларининг ёши 15-20 минг йилга тенг. Бугунги кунда ёдгорлик тўлақонли қўриқхона ходимлари томонидан муҳофаза қилинади. Ушбу ҳудудда 395,6 гектарга тенг «Зараутсой қоятош суратлари» экотуризм маскани ташкил этилган.

«Хатак» бўлимида 700 дан зиёд, «Шалқон» бўлимида 500 дан зиёд, «Қизилолма» ҳудудида эса 600 дан зиёд ўсимлик турлари мавжуд. Қўриқхонадаги Боғлидара ҳудудида «Ажинакамар» номи билан машҳур ғор бўлиб, ғорнинг ички узунлиги 60 метрни ташкил этади.
