20:43 | 06.01.24

                       

Сурхондарёнинг тўққизта туман ва шаҳридаги истеъмолчилар 8 январ куни газсиз қолади

«Термиз-2» магистрал қувурини қуриш лойиҳасининг ишга туширилиши сабабли 10 соат давомида газ таъминоти тўхтатилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 16-17 ноябр кунлари Сурхондарё вилоятига қилган ташрифида берган топшириғига асосан, «Термиз» магистрал қувурига параллел равишда 46,5 километр узунликдаги «Термиз-2» магистрал қувурини қуриш лойиҳасининг 31 километр қисми ишга туширилмоқда.

«Ўзтрансгаз» АЖнинг хабар беришича, шу муносабат билан 8 январ куни соат 8:00 дан 18:00 гача Термиз шаҳри ҳамда Термиз, Ангор, Жарқўрғон, Қизириқ, Шеробод, Бандихон, Музработ ва Қумқўрғон туманларидаги барча истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилади.

«Мазкур ишлар келгусида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда саноат тармоқларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганлигини билдирган ҳолда, келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз. Натижада Термиз шаҳри ҳамда Термиз, Ангор, Жарқўрғон, Қизириқ ва Шеробод туманларини 2024-2025 йилнинг куз-қиш мавсумида табиий газ билан таъминлаш узлуксизлиги яхшиланади», — дейилган хабарда.

Компания шунингдек, тармоқлардаги модернизация ишлари якунлангач, табиий газ таъминоти қайта тикланишини маълум қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: