22:47 | 12.02.24

                       

Сурхондарёда 160 кг истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинди

Бойсун туманидаги лаборатория хулосасига кўра, ушбу маҳсулот истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланиб, гўшт маҳсулоти эгасига нисбатан тегишли тартибда чора кўрилган.

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 11 февраль куни 160 килограмм истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, соат 23:58 да Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси ҳамда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда «Дарбанд» ЙПХ масканида рейд ўтказилган.

Тадбир давомида Бойсун–Қашқадарё йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган фуқаро Э.З. бошқарувидаги Cобалт русумли автомашина тўхтатилиб юкхонаси текширилганда бирор бир ветеринария ҳужжатларисиз 160 килограмм йирик шохли мол гўшти олиб кетилаётгани аниқланган.

Бойсун туман Ветернария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази лабораториясининг хулосасига кўра ушбу маҳсулот истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланиб, гўшт маҳсулоти эгасига нисбатан тегишли тартибда чора кўрилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: