10:49 | 04.06.24
Сурхондарёда футбол пайтида ИИБ ходимларига тош отган 13 киши қамалди. Улардан бири майдонни тарк этмасдан, мусобақани бошлашга халақит берган.
Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида 31 май куни футбол мусобақаси пайтида тартибсизлик келтириб чиқариб, ички ишлар органи ходимларига фаол қаршилик кўрсатган фуқароларга қонуний чора кўрилди.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилинишича, шу куни аҳоли ёшлар ўртасида футбол ва мини-футбол мусобақаларини ўтказиш учун туманнинг Обод турмуш маҳалласида йиғилган. Ўйин бошланиш вақтида томошабинлардан бири (1990 йилда туғилган) майдонни тарк этмасдан, мусобақани бошлашга халақит берган.
Фуқаро уни майдондан чиқариш учун келган ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган. У 12 нафар маҳалладоши билан бирга жамоат тартибини бузиб, футбол майдонида шовқин кўтариб, мусобақа бузилишига сабабчи бўлган.
Ушбу 13 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик), 194- (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: