21:20 | 07.06.24
Сурхондарёда иккита дўкон ёниб кетди. Ёнғин кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватигача етиб борган.
Термиз шаҳридаги дўконларнинг бирида юзага келган ёнғин олови кўп қаватли уйга ҳам ўтган.
Хабар берилишича, 2024 йилнинг 4 июндан 5 июнга ўтар кечаси Термиз шаҳрида ёнғин содир бўлган.
«Хизмат давомида ҳамкасбим билан дўкондаги ёнғинни кўрдик ва зудлик билан навбатчилик қисмига ахборот бердик. Қўшимча куч келгунча, биз дўкон пастги қисмидаги компьютер хонада бўлган фуқароларни ташқарга олиб чиқдик. Шу вақтда кўп қаватли уйларда одамлар қолиб кетгани, улар тутун сабабли пастга туша олмаётганини ва хаттоки ўзларини пастга ташлаб юбормоқчи бўлганлигига гувоҳ бўлдик. Қўшимча кучлар келгандан кейин уларни эвакуация қилдик», – деди ППХ ходими.
Ходимларнинг вақтида олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ўлим ҳолати қайд қилинмаган. Аммо, ушбу ҳолат кўплаб ноқулайликларни келиб чиқарган.
«Икки кундан бери уйга кириб яшашга шароитимиз йўқ. Биринчи куни абедгача шифохонада бўлдик. 3 та неварам ва ўзими икки соат кислородда ётдик. Ҳеч нарсани эслаб қололмадим. Кўзим олдида фақат невараларим ва болаларим эди», – деди жабрланувчилардан бири.
Биринчи қаватдан кўтарилган тутун тўртинчи қаватгача етиб борган ва зинадан тушишга имкон қолдирмаган. Кўп қаватли уйда икки кундан бери газ ва электрнинг йўқлиги, лифт ишламаётганлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида иккита дўкон ёниб кетган. Ҳозирда ёнғин сабабини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: