9:39 | 06.01.24

                       

Тўққиз йилдан буён Ўзбекистонда қидирувда бўлган диний-экстремистик оқим аъзоси қамалди

Судланувчи Ўзбекистонда исломий давлат қуриш, Сурия ва бошқа араб давлатларига ҳижратга чиқиб, жиҳодий урушларда иштирок этиш ва шаҳид бўлишни мақсад қилган.

Ўзбекистонда тўққиз йилдан буён қидирувда бўлган «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқими аъзоси бўлган шахсга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди.

Судланган Абдуҳодий Абдураҳмонов 2010-2012 йилларда Россияда ишлаб юрган вақтда ушбу диний оқим таъсирига тушиб, унинг аъзоси бўлган. Фарғона шаҳрида акаси ва бир қатор шахслардан иборат оқимнинг жамоатини ташкил қилиб, унинг йиғилишларида фаол иштирок этиб келган.

Йиғилишларда «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқими тарафдорлари ҳамда бошқа диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан бойитилган маърузалар, видео ва роликлар муҳокама қилинган. Эркак Ўзбекистонда исломий давлат қуриш, Сурия ва бошқа араб давлатларига ҳижратга чиқиб, жиҳодий урушларда иштирок этиш ва шаҳид бўлишни мақсад қилган.

Шунингдек, у 2014 йилда Туркияда бўлиб турган акаси билан ижтимоий тармоқлар орқали алоқага чиқиб, унинг даъвати асосида жиҳодий урушларда иштирок этиш ва шу йўл билан биродарларига ёрдам бериш мақсадида Россиядан Туркияга ҳижрат қилган. У ерда акаси билан бирга оқим аъзоларига маблағ жўнатиб, уларни Сурияга жиҳодга чиқариш билан шуғулланиб келган. Бундан ташқари, у Москвада ҳам бир гуруҳ ўзбекистонликларни жамоат йиғилишларига жалб қилиб, уларни жиҳод қилишга даъват қилиб келганлиги аниқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан у ташкил қилган жамоат аъзоларининг уйидан диний оқимга тегишли, Ўзбекистонда тақиқланган материаллар далилий ашё сифатида олинган. 2023 йилнинг март ойида Туркия полицияси томонидан диний оқим аъзоси қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Суд ҳукми билан унга нисбатан 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: