21:30 | 18.11.23

                       

Тўртта вилоятда «права» олиб беришни ваъда қилганлар ушланди

Ҳолатларнинг бирида фуқаро ўзини ЙҲХБ ходими сифатида таништирган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментга кўра, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида битта фуқаро ўзини бошқа бировга гўёки Олмалиқ шаҳар ЙҲХБ ходими сифатида таништириб, унга ўқув машғулотларига қатнашмасдан танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган ҳамда эвазига 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида битта одам бошқанинг ишончига кириб, гувоҳнома олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйиш эвазига 600 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Учинчи бир ҳолат Сирдарё вилояти бўлиб, яна битта шахс бировга юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 550 АҚШ доллари эвазига имтиҳондан ўтказиб қўйишини айтиб, 500 АҚШ доллари ва 600 минг сўмни олган вақтида ушланган.

Охирги вазият Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида кузатилган. Фуқаро иккинчи бир шахсга юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида имтиҳонларга қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 400 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Кўмир таъминот»нинг Тошкент вилояти филиали бошлиғи пора билан қўлга тушганди. Шунингдек, таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар қўлга олинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: