10:37 | 27.05.24

                       

Тадбиркорлар учун 2024 йилда қанча компенсация ва кафиллик ёрдамлари берилади?

Ўзбекистонда 2024 йилда тижорат банклари орқали тадбиркорлик субъектларига тақдим этадиган компенсация ва кафиллик ёрдамлари миқдори маълум бўлди.

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ 2024 йилда тижорат банклари орқали тадбиркорлик субъектларига тақдим этадиган компенсация ва кафиллик ёрдамлари миқдорларини маълум қилди.

Унга кўра, 2024 йилда тадбиркорларга бериладиган кафиллик ёрдамининг энг кам миқдори — 480 млрд сўмни ташкил этади.

Ушбу маблағларнинг асосий қисми давлатга қарашли банклар, яъни Бизнесни ривожлантириш банки – 61 млрд сўм, Халқ банки – 57 млрд сўм, Микрокредитбанк – 55 млрд сўм, Агробанк ва СҚБ – 53 млрд сўмдан, Туронбанк – 50 млрд сўм, орқали тадбиркорларга йўналтирилади.

Кафиллик берилиши режалаштирилган банкларнинг орасида Ипак Йўли, Капиталбанк ва Гарант Банк энг қуйи ўринларни эгаллаб турибди – ҳар бирида 2 млрд сўмдан сал кўпроқ. Фақат кичик тадбиркорлик субъектларига бериладиган Компенсация ёрдамининг энг кўп миқдори эса — 150 млрд сўмдан иборат.

Компенсация ёрдамини кўрсатишда кўмаклашувчи банклар орасида ҳам Бизнесни ривожлантириш банки биринчиликни эгаллаб турибди – 19 млрд сўм. Халқ банки орқали – 18 млрд сўм, Микрокредитбанк, Агробанк ва СҚБ орқали – 17 млрд сўмдан, Туронбанк орқали – 15 млрд сўмдан йўналтирилади.

Энг кам ёрдамни тадбиркорларга етказишда воситачилик қиладиган банклар Ипак Йўли, Капиталбанк ва Гарант Банк ҳисобланади – ҳар бирига 1 млрд сўмдан камроқ маблағ ажратилиши режа қилинган. Бунинг натижасида 2024 йилда Кафиллик ёрдами билан тадбиркорларнинг 2 трлн сўмдан ортиқ, Компенсация кўмаги билан эса қарийб 3,5 трлн сўмлик кредитлари қўллаб-қувватланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: