14:12 | 29.05.24
Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун виза режимини бекор қилади. Мамлакат ўзбекистонликлар учун яна бошқа имкониятни ҳам тақдим этди.
Таиланд 1 июнь, шанба кунидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим жорий қилади.
Таиландга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар рўйхати 57 тадан 93 тага оширилди. Улар қаторига Ўзбекистондан ташқари Камбоджа, Хитой, Ҳиндистон, Ямайка, Қозоғистон, Лаос, Мексика, Марокаш ва бошқалар кирди.
«Ташқи ишлар вазирлиги иложи борича кўпроқ ташриф буюрувчиларни жалб қилиш чораларини таклиф қилди», деди ҳукумат вакили Чаи Вачаронке.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари энди Таиландда 30 кун эмас, балки 60 кун қолишлари мумкин. Аввалги тартибда мамлакат фуқаролари Таиландга етиб боргандан сўнг 30 кун қолиш шарти билан виза олишлари керак эди.
Бундан ташқари, янги тартибга кўра, чет эллик олий таълим талабалари ўқишни тугатгандан сўнг дарҳол мамлакатни тарк этишлари шарт эмас. Балки бир йил давомида қолишлари мумкин. Ушбу чора-тадбирлар 1 июнь, шанба кунидан кучга киради.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: