12:31 | 24.08.23

                       

Талабалар турар жойларига онлайн рўйхатдан ўтиш бошланди

Ўқишга қабул қилинган абитуриентлар (1 курс талабалари) my.gov.uz портали орқали олий таълим муассасалари ётоқхоналарига жойлашиш учун онлайн ариза юборади.

Ўқишга қабул қилинган абитуриентлар ҳозироқ my.gov.uz портали орқали олий таълим муассасалари ётоқхоналарига жойлашиш учун онлайн ариза юборишлари мумкин.

Аризани кўриб чиқишда турли имтиёзлар ва устуворликлар ҳисобга олинади. Жумладан:

  • Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари (тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар;
  • Чин ва ярим етимлар (ота-онаси вафот этган, отаси вафот этган, васийлик ва ҳомийликка олинганлар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими (my.gov.uz) орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оила фарзандлари (Бунда, ахборот тизимига 2023 йилда киритилган оилалар наразда тутилган) каби категорияларга тааллуқли талабалар ётоқхонадан фойдаланишда бир қатор имтиёзларга эга бўлади.

Шунингдек, имтиёзга эга бўлмаган талабаларга махсус навбат рақами берилади. Ётоқхонада бўш ўринлар бўлган тақдирдагина, мазкур рақам асосида турар жой учун йўлланма тақдим этилади.

Бир неча кун олдин Ўзбекистонда ўтказилган тест синовларининг якуний натижалари (мандат) эълон қилинди. Тошкент шаҳридаги олий таълим даргоҳига ўқишга кирган вилоятлик ёшлар олдида яна бир катта синов, уй-жой муаммоси турибди. Университетлар қошида ташкил этилган ТТЖлар ҳар йилгидек, чекланган миқдорда талабаларни қабул қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

14 август куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов айни шу масала юсасидан Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорлари билан учрашиб, талабалар турар жойлари масаласини муҳокама қилди.

Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорлари билан учрашиб, талабалар турар жойлари масаласини муҳокама қилмоқда.
Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Telegram

Вазир талабалар ўқув йилида муаммоларсиз ётоқхона ва ижара уйларига жойлашишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиши бўйича ҳам кўрсатмалар берган.

Таъкидлаш керак, Ўзбекистонда, деярли ҳар йили, талабаларни уй-жой билан таъминлаш масаласида камчиликлар ва етарли даражада муаммолар кўзга ташланади. Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам ўзига тегишли бўлган Тashkent Index мажмуасини талабалар учун ётоқхона сифатида фойдаланишга топширгани маълум.

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва собиқ таълим вазири Абдуқодир Тошқулов. 2022 йил.
Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Ортиқхўжаев ҳокимлик даврида амалга оширилган ушбу «тадбир» ҳозир ҳам ўз кучидами ёки йўқми маълум эмас. 2022 йил Адлия вазирлиги Давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхона қуриш учун субсидия берилиши тўғрисида хабар берган.

Ҳукумат қарори билан Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш учун Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низомга кўра, талабалар турар жойларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш учун хусусий шерикка бериладиган субсидия ТТЖни қуриш лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича бир ўринга тўғри келадиган қийматнинг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда ажратилиши айтилган.

  • Жаҳонгир Ортиқхўжаев — Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор. 2018 йил 21 декабрдан 2023 йил 16 январгача ҳокимлик вазифасида хизмат қилган.  Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2023 йил қиш мавсумида кузатилган энергия инқирози фонида лавозимидан озод этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: