Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги «Сўнгги қўнғироқ»да қатнашаётган ўқувчиларни огоҳлантирди. Вазирлик «Битирув оқшомлари»ни ўтказишни ҳам таъқиқлади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим муассасаларида 2023-2024-ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари:
- 2024 йилнинг 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилади;
- мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади;
- маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилади;
- фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади;
- йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилади;
- мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига «Энг фаол ота», «Жонкуяр она», «Масъулиятли ота-она», «Аълочи ўқувчи отаси», «Билимли қиз онаси» номинациялари бўйича ташаккурномалар берилади.
2023-2024-ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:
- турли ресторан ва кафелар, хонадонларда «Битирув оқшомлари»ни ўтказиш, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестасияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш;
- битирув тадбирларида ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш;
- ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимдаги барча ходимлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларидан жорий ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказишда мазкур тавсияларга амал қилишларини сўраб қолади.