18:06 | 05.09.23

                       

Танзила Норбоева Минскда Александр Лукашенко билан учрашди

Беларус раҳбари яқинда Шавкат Мирзиёев билан Ўзбекистоннинг гўзал манзилларида бўлгани, қишда эса мамлакатнинг тоғли ҳудудларига бориш истаги борлигини маълум қилган.

Бугун, 5 сентябр куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Беларус президенти Александр Лукашенко билан учрашди. Бу ҳақда BELTA хабар берди.

Фото: BELTA

Қайд этилишича, учрашув давомида Лукашенко Беларус ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда кўп ишлар қилингани, бироқ янада яхшилаш учун имкониятлар мавжудлиги тўғрисида фикр билдирган. Лукашенко ташриф Беларус ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланадиган йилда амалга оширилаётганини ҳам таъкидлаб ўтган.

«Кўп ишлар қилинди, бироқ халқаро муносабатлар бурилиш палласига кирган мана шу оғир даврда янада яхшилаш учун имкониятлар бор», – дейди Беларус президенти.

Учрашувда Беларус томони ўзаро муносабатларни ривожлантиришга ва ҳар қандай технологияни баҳам кўришга тайёрлиги маълум қилинган. Лукашенко икки давлат ҳамкорлиги ҳамда халқаро платформалар ва минтақавий бирлашмаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётганини алоҳида таъкидлаган. У, шунингдек, Беларуснинг ШҲТга аъзо бўлиши масаласида кўрсатилаётган ёрдам учун ҳам Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган.

«Биз сизни доим қўллаб-қувватлаймиз, чунки сизнинг тинчликсеварлик, қўшнилар ва бошқа давлатлар билан дўстона муносабатлар бўйича йўлингиз ҳам бизнинг йўналишимизга мосдир», –  дея таъкидлаган Лукашенко.

Давлат раҳбари, шунингдек, айни кунларда Минскда бўлиб ўтаётган Беларус-Ўзбекистон аёллар бизнес-форуми мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда ўзининг муҳим ролини ўйнашига умид билдирган.

«Мен минтақавий ҳамкорликка ўтишимизни жуда истардим (Россия Федерацияси билан бўлгани каби, бизда аллақачон тажриба бор), бунинг асоси иқтисодиётдир. Биз учун бу муҳим, Ўзбекистон учун эса, янада муҳимроқ. Оддий савдодан эмас, балки корхоналар ҳамкорлигидан бошлаб, бизнинг технологияларимизни Ўзбекистонга ўтказиш сиз учун жуда қизиқ бўларди. Биз бу йўналишда мутлақо очиқ ишлашга тайёрмиз», – дейди Беларус раҳбари.

Александр Лукашенко ўзининг Ўзбекистонга бўлган шахсий муносабати ҳақида тўхталиб ўтган. У узоқ вақтдан бери мамлакат ривожини диққат билан кузатиб боришини ва халқнинг бугунги раҳбари, Президент Шавкат Мирзиёевга омад кулиб боққанига ишонишини айтди.

Фото: BELTA. BY

«Сизда жуда яхши Президент бор. Сизга бунчалик ишонадиган одамларни тушкунликка туширмаслигингиз керак», – дейди у.

Шунингдек, Беларус президенти Шавкат Мирзиёевнинг президентлик фаолиятига ҳам ижобий таъриф бериб, бир қатор фикрларни айтиб ўтган.

«Сизга маслаҳатим, Президентингизни иложи борича узоқроқ сақлашга ҳаракат қилинг», – дея маслаҳат берган Лукашенко.

Александр Лукашенко Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрганини, яқинда Шавкат Мирзиёев билан биргаликда ҳайратланарли гўзал мазилларда, Ўзбекистоннинг жанубида бўлганини айтди.

Фото: BELTA. BY

Шунингдек, у қишда Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларига бориш истагини билдирган.

Ўз навбатида, Танзила Норбоева Лукашенкога Ўзбекистон Президентининг саломи ва мамлакатга ташриф таклифини етказган. Беларус раҳбари 2023 йил охири ёки 2024 йил бошида Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: