17:19 | 14.12.23

                       

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистондаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Аввалроқ Қозоғистонда совуқда трассада қолиб кетган 20 га яқин Ўзбекистон фуқароси қутқарилганди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистонда бўлиб турган ва транзит йўналишида ҳаракатланаётган Ўзбекистон фуқароларига ҳаво совиши фонида мурожаат билан чиқди.

Фото: National journal

Агентлик қайд этишича, сўнгги кунларда Қозоғистон ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совиши натижасида йўлларда ҳаракатланиш билан боғлиқ қатор ноқулайликлар юзага келмоқда. Шунингдек, яқин ҳафталар давомида ҳам совуқ ҳаво ҳарорати сақланиб қолиши сабабли республика даражасидаги автойўлларда ҳаракатланиш чекланган.

«Шу муносабат билан, ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, хавфсиз транспорт воситаларидан фойдаланишни, зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларда транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни сўраймиз», дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда 20 нафар ўзбекистонлик қаттиқ совуқда трассада қолиб кетгани хабар қилинганди. Улар ёнилғи захираси ва ўзлари билан олиб келган пуллари тугаб қолгани сабабли полицияга мурожаат қилишга мажбур бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: