13:28 | 16.05.23

                       

Telegram’даги Hello Tashkent, salam Tashkent канал админлари қўлга олинди — видео

Ҳозирда жиноий гуруҳга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда

ИИВ киберхавфсизлик маркази Telegram’даги Hello Tashkent, salam Tashkent номли гуруҳ ва каналларни ташкил этиб, тармоқ фойдаланувчиларининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи видео ва фотоларни жойлаштириб келган гуруҳни қўлга олди.

Мазкур гуруҳ ташкилотчилари Telegram’даги очиқ гуруҳларга қизлар ва аёлларни фото ва видеоларини жойлаб, қизиқувчиларни VIP чатга таклиф қилган. VIP чатга аъзо бўлиш эса 100 минг сўмдан 500 минг сўмгача этиб белгиланган. Шунингдек, улар қиз ва аёлларнинг фото ва видеоларини ўчириб юбориш эвазига пул талаб қилишган.

Тезкор-қидирув ишлари натижасида канал маъмурлари қўлга олинди. Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда мазкур жиноий гуруҳга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Hello Tashkent, salam Tashkent гуруҳларидан жабрланган фуқаролар 102 ёки +99899 117 60 87 рақамига хабар беришларини сўраймиз. Маълумот берган фуқароларнинг шахси сир сақланади, – дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: