13:40 | 07.02.24

                       

Термизда даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун ажратилган ёрдам пулларини ўзлаштирган бош ҳисобчи аниқланди

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлим бошқаруви бош ҳисобчиси М.Т. 2021-2022 йиллар мобайнида «Саховат ва кўмак» жамғармасидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун 48 нафар фуқарога ёрдам пуллари берилгани тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштирган. Бу орқали жами 499,8 млн сўмни талон-торож қилган.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида бош ҳисобчи даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун ажратилган ёрдам пулларини ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Термиз шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлим бошқаруви бош ҳисобчиси М.Т. ва бошқалар 2021-2022 йиллар мобайнида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармасидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда даволаниш ва жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун 48 нафар фуқарога ёрдам пуллари берилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, жами 499,8 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: