18:27 | 09.02.24

                       

«Тез ёрдам», ички ишлар ва ФВВ ходимлари тўрт ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолди — видео

Андижондан Тошкентга шошилинч операция қилиш учун бемор олиб кетаётган «Тез ёрдам» машинаси ноқулай об-ҳаво шароитида Қамчиқ довонида қолиб кетган. ФВВ ходимлари эса махсус машинада уларни довондан ўтказиб қўйган.

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, Андижон вилояти Избоскан туманидан Тошкентга шошилинч тиббий муолажадан ўтказиш учун 4 ёшли беморни олиб кетаётган «Тез ёрдам» машинаси Қамчиқ довонида қолиб кетган. Гап шундаки, кеча, 8 февраль кунига ўтар кечаси ноқулай об-ҳаво, қор бўрони ва қор кўчкиси хавфи туфайли Қамчиқ довони 00:50 дан 10:30 га қадар автомобиллар ҳаракати учун ёпилди.

Бу вақтда мия ўсимтаси ташхиси қўйилган Муҳаммадсолиҳ исмли 4 ёшли бола Тошкентга олиб кетилаётган бўлган. «Тез ёрдам» ҳайдовчисининг сўзларига кўра, улар соат 00:30 да, ҳали довон ёпилмасидан аввалроқ йўлга чиққан. Улар довонга чиқаверишдаги патруль постига етиб келганида эса йўл ёпилганидан хабар топган.

«Кучли қор бўрони бўлаётганди. Юзлаб машиналар довонга чиқа олмай тўхтаб турарди», дея ҳикоя қилади ҳайдовчи.

Улар патруль постидаги ички ишлар ходимларининг олдига бориб, вазиятни тушунтирган, бироқ, аввалига орган ходимлари довондан юриш хавфли эканини айтиб, уларга рухсат бермаган. Боланинг отаси эрталабгача уни Тошкентга етказиб олиб бормаса, аҳволи ёмонлашишини айтганидан сўнггина, улар «Тез ёрдам» машинасини ўтказиб юборишга рози бўлган. Муҳаммадсолиҳнинг отаси ва бобоси ҳам шахсий автомобилини ўша ерда қолдириб, «Тез ёрдам» машинасига чиқиб олган.

Улар довонга чиқиб бораётган пайтда ҳаво янада ёмонлашиб, йўлда музламалар пайдо бўла бошлаган. Юриш қийинлашиб, машина сирпаниб кетган. Бунинг устига кучли қор бўрони йўлни кўришни қийинлаштирган. Оқибатда улар довоннинг тепасига чиқмасидан аввал йўлда тўхтаб қолган. Бу пайтда довон йўлидан бирорта машина кўринмаган, атрофда ёрдам берадиган ҳеч ким бўлмаган.

Шундан сўнг, боланинг отаси машинадан тушиб, қаттиқ совуққа қарамай, бирор кишини ёрдамга чақириб келиш учун пиёда йўлга чиққан. «Тез ёрдам» ҳайдовчисининг айтишича, у тахминан икки соатлардан сўнг қайтиб келган. У довон тепасидаги туннелда хизмат қилаётган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларини чақириб келган.

Фото: Bugun.uz

ФВВ ходимлари махсус трос ёрдамида машинани улаб, довоннинг тепасига олиб чиқа бошлаган. Яна бир ходим эса «Тез ёрдам» машинасида бемор билан бирга бўлиб, рацияда шериклари билан алоқа қилиб борган.

«Энг қойил қолганим, улар ҳар бир ҳаракатларини ҳисоблаб боришар экан. Бизни иккинчи туннелдан ўтказиб қўйганларидан кейин 16 километр йўл юрганимизни айтишди», дея ҳикоя қилади «Тез ёрдам» ҳайдовчиси Улуғбек ака.

Фото: Bugun.uz

ФВВ ходимлари машинани довон тепасига олиб чиққанидан кейин ҳам пастга тушиш пайтида сирпанчиқда бирон кориҳол бўлмаслиги учун «Тез ёрдам машинасини узоқ вақтгача назорат қилиб борган.

Бола Тошкентдаги Нейрохирургия марказига ўз вақтида олиб келиниб, тиббий текширувлардан ўтказилган. Унинг отаси Сарварбек аканинг айтишича, ҳозирда ўғлининг аҳволи анча яхши ва ҳатто иштаҳаси бирмунча яхшиланган. У айни пайтда 12 февраль куни бўладиган операцияга тайёрланмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: