12:33 | 17.04.24

                       

Ток уриши оқибатида вафот этган ўқувчининг мактаб директори ва унинг ўринбосари қамалди

Тошкентда ток уриши оқибатида вафот этган ўқувчининг мактаб директори ва унинг ўринбосари қамалди. Уларга 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мирзо Улуғбек туманидаги 99-сонли умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчисини ток уриб вафот этиши бўйича мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари қўлга олинган эди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида айбланувчиларга суд ҳукми ўқилди.

Фото: Bugun.uz

27 ноябр куни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 99-сонли филологияга ихтисослашган мактабда темир панжарани қўли билан ушлаган ўқувчини электр токи уриб, бола вафот этганди. Прокуратура ҳам боланинг мактабда вафот этганини расман тасдиқлаганди.

Дастлабки маълумотларда, ўлимга электр токи уриши сабаб бўлиб, боланинг қўлида куйиш аломатлари аниқланганди. Дўстига ёрдам беришга шошилган фожианинг яна бир гувоҳи бўлган ўқувчининг яқинларига кўра, ерда ётган ўртоғининг ёнига борганда, уни ҳам ток урган.

Фото: Bugun.uz

Bugun.uz манбаларига кўра, икки ҳафта аввалроқ мактаб ўқувчилари спорт майдончасининг метал панжарасидан ток ураётганидан шикоят қилишган. Ҳатто бир нафар 5-синф ўғил бола ўқувчини ток уриб, жиддий жароҳат олганди ҳамда реанимацияга ётқизилганди. Бола онасининг ҳеч кимда даъвоси йўқлиги учун ҳеч қандай иш очилмаган.

Декабр ойида ўқувчининг вафот этиши ортидан мактаб директори ва директор ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида мазкур иш кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра, мактаб директори ва директор ўринбосари Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Уларга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ва 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: