21:18 | 31.05.24

                       

Тошкент аэропортида тартибсизлик юзага келиб, йўловчилардан бири ҳушидан кетди

Tошкент аэропортида тартибсизлик юзага келиб, йўловчилардан бири ҳушидан кетди. Uzbekiston airports тартибсизлик сабабини очиқлади.

Uzbekiston airports матбуот хизмати Тошкент аэропортида юк кечикиши юзасидан расмий хабар берди.

Қайд қилинишича, бир қатор оммавий ахборот воситалари ва Тelegram мессенжерининг оммабоп каналларида «Тошкент» халқаро аэропортининг учиб келиш залида багаж аравачалари ва катта ҳажмдаги юклар билан одамлар тўпланиб тургани акс этган видео тарқалган. Видео сўнггида йўловчилардан бири ҳушидан кетгани бошқа йўловчилар ва аэропорт ходимларини хавотирга солган.

Маълумотларга кўра, йўловчиларнинг тўпланиб туриши аэропортда юкларнинг кечикиши билан боғлиқ эмас. Истанбул – Тошкент йўналиши бўйича ҲЙ-272 рейси Тошкент вақти билан соат 19:04 да пойтахт аэропортига қўнган. Самолётдан юкларни тушириш 19:23 да бошланган. Багажлар эса ўз вақтида йўловчиларга етказилган.

Йўловчиларнинг тўпланиб қолиши багажлар олингач божхона назоратига ўтиш жойида кузатилган. Тегишли хизматлар маълумотларига кўра, божхона қўмитаси ходимлари томонидан фуқароларга бир неча бор қонун ҳужжатлари бўйича тушунтиришлар берилганига қарамай, кўп миқдорда юки бўлган бир неча йўловчилар тижорат мақсадида олиб келинган товарларни божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштиришдан бош тортган. Оқибатда, ушбу ҳодиса содир бўлган.

Шунингдек, учиб келиш залида ҳушидан кетган аёлга аэропорт тиббиёт ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Дастлабки хулосага кўра, аёлнинг ҳушдан кетишига унинг соғлиғидаги муаммолар сабаб бўлган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: